Мактаб даврининг ҳар бир лаҳзаси инсон хотирасида ўчмас из қолдиради. Бу хотираларни жонлантирувчи ашёлар орасида дарсликлардан кўра ўқувчининг кундалик ҳамроҳига айланган дафтарнинг ўрни бошқача. Муқовадаги турфа тасвирлар ва янги қоғознинг ҳиди ҳам ўқувчи онгида муайян тасаввурларни шакллантиради.

Бундан бир неча ўн йиллар муқаддам мактаб остонасига қадам қўйган авлод учун 12 варақли дафтарлар нафақат ёзув ашёси, балки дастлабки маълумотлар манбаи эди. 1-синфдан 4-синфгача фойдаланилган бу дафтарларнинг муқовасида буюк алломаларимизнинг суратлари, уларнинг таваллуд ва вафот саналари ҳамда ҳаёт йўлига доир қисқача маълумотлар акс этар эди.
Дафтарнинг орқа томонида эса ўша алломага тегишли ижод намуналари ёки карра жадвали жой оларди. Бу маълумотлар ўқувчи учун ортиқча юк эмас, балки дарсдан ташқари ўзлаштириладиган қўшимча билим пойдевори бўлиб хизмат қилган. Болаликдан Навоий, Беруний ёки Улуғбек сиймосини кўриб улғайган ўқувчи ўзи англамасдан буюк аждодлар вориси эканлигини ҳис қилган.
Юқори синфларга ўтиш билан ўқув дастури мураккаблашади, янги фанлар кириб келади ва ёзув ҳажми ортади. Айнан шу босқичда дафтарларнинг ташқи кўриниши ҳам ўзгаради.
Эсимда, мактабда ўқиб юрган вақтимда бир синфдошим дафтарлар юзидаги муқоваларнинг рангли ва жозибадор расмларига шу қадар қизиқиб кетганидан дарслик учун олинган ёзув дафтарларини тез-тез алмаштирар бу эса уни асосий мақсад — билим олишдан чалғитар эди. Муқовалар устида турли хориж фильмларидан олинган қаҳрамонлар тасвири бола руҳиятида салбий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бу шунчаки қизиқиш эмас, балки ўша қаҳрамонларга кўр-кўрона ҳавас қилиш эди.
— Ҳар биримизнинг мактаб пайтидаги хотираларимизда дафтарларнинг ўрни бор. 1990-йиллар ва бугун сотувдаги дафтарларни солиштирсак, улар нафақат кўриниши, балки ўқувчи психологиясига таъсири билан ҳам тубдан фарқ қилади, — дейди олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилафрўз Мўминова. — Ўша давр дафтарлари жуда содда, муқоваларида алломалар сиймоси, ҳикматли сўзлар ёки геометрик шакллар акс этарди. Ортиқча безакларнинг йўқлиги ўқувчини чалғитмасдан, эътиборни ёзув сифати ва мазмунга қаратишга хизмат қилган. Бу болада масъулият, тартиб ва сабр-тоқатни шакллантирган.
Бироқ, ҳаддан ташқари безатилган муқовалар баъзан ўқувчи диққатини дарсдан чалғитиб, фанга бўлган эътиборсизликни кучайтиради.
— Юқори синф ўқувчилари тутаётган умумий дафтарлар бутунлай бошқача.
Агар умумий дафтарларнинг муқовасида ҳам алломаларимиз ҳикматли сўзлари, нодир асарларидан иқтибослар берилса, ўқувчиларнинг китобхонлик даражаси ва илмга бўлган иштиёқи сезиларли даражада ошган бўлар эди. Спорт ёки бошқа муваффақиятга эришган замондошлар ёки тенгдошларининг суратлари берилса ҳам яхши бўлади, — дейди 20 йиллик иш тажрибасига эга педагог Бибисора Ярлақобова.
— Бизнесда бир олтин қоида бор. Tалаб — таклифни туғдиради. Бугун бозорга келаётган ота‑оналарнинг кўпчилиги фарзандининг талабига қараб дафтар танлайди. Агар болалар турли расмлар билан безатилган дафтарларни сўрашса, биз уни сотувга қўйишга мажбурмиз, — дейди сотувчи Сардор ака Эшонқулов. — Харидорларимизнинг 80–90 фоизи муқовадаги расмга қараб қарор қабул қилади. Биз ҳам хоҳлаймиз, дафтарларимизда миллий қаҳрамонларимиз бўлишини, лекин бунинг учун ўша қаҳрамонлар болалар онгида “Чақмоқ Маквин”дан кўра жозибалироқ шаклда тарғиб қилиниши керак.
— Ҳар йили мактаб мавсуми бошланиши олдидан фарзандларимга ўқув қуроллари харид қилиш учун бозорга борамиз, — дейди Ҳулкар опа Хўжаева. — Кузатаман: қизим гулли, қўғирчоқли ёки машҳур кино қаҳрамонлари ва қўшиқчилар туширилган дафтарларни, ўғлим эса машина, робот ёки спорт юлдузлари тасвирланган муқовадаги дафтарларни сотиб олишни айтади. Агар ҳозирги 24, 36, 48 саҳифали умумий дафтарлар ҳам маърифий руҳда ишлаб чиқилса, фарзандларимизга катта фойдаси тегар эди.
Тўғри, дафтар безакларига ҳам интернет платформалари, теледастурлар ҳамда ижтимоий тармоқлар таъсир қилади. Чунки юқорида санаб ўтилган сиймослар ҳақида замонавий ва сифатли мультфильмлар кўпайса, ўз-ўзидан ўша қаҳрамонлар туширилган дафтарлар оммалашади.
Биз ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган асрда яшаяпмиз. Бироқ ҳеч қандай гаджет ёки ёрқин муқовали дафтарлар бадиий ва илмий адабиёт ўрнини боса олмайди. Агар бошқа кўплаб таъсир воситалари каби, дафтарлар орқали ҳам ўқувчи кўпроқ миллий руҳдаги, маърифий аҳамиятга эга маълумотлар билан юзлашса, бу унинг дунёқараши кенгайишига, фикрлари теранлашишига ёрдам беради.
Дафтар — бу шунчаки қоғоз эмас, у ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий қиёфасини шакллантирувчи кичик, аммо ўз ўрнига эга бўлган воситадир.
Хуршида Суюнова



